Тарих сабоқлари. Шуям армия бўлдими?
- Видео
- О видео
- Скачать
- Поделиться
Тарих сабоқлари. Шуям армия бўлдими?
22, 225 | 6 мес. назад | 511 - 0
Тарихда ҳарбий салоҳияти билан шуҳрат қозонган халқимиз хонликлар даврига келган шу салоҳиятини бутунлай йўқотиб бўлганди. Хусусан, Қўқон хонлиги армияси чоризм босқини пайтида шунчалик бир ғариб кўринишга келган эдики, ҳатто, буни айтишга ҳам уяласан, киши.
Чор Россияси босқини ҳақида сўз кетганда, уларни балогардон қилиб, луғатимиздаги барча сийлов сўзларни аямасдан қалаштириб ташлаймиз. Ҳа, босқинчи бўлганидан кейин бундан бадтаригаям лойиқ. Аммо, шу босқинда ўзимизнинг айбимиз йўқми?!
Бор, албатта. Лекин негадир, буни кўпинча айланиб ўтамиз, илож борича тилга олмаймиз. Айтсак, гўё кимдир уят ёки маломат қиладигандек.
Ёвқур аждодларимиздан ўтиб келган мукаммал аскарий тартиб амирлик ва хонликлар даврига келганда янаям юксалиши керакмасмиди? Дарҳақиқат, шундай. Мантиқан қаралганда, орадан ўтган шунча йиллар давомида бошқа соҳалар қаторида ҳарбийлик ҳам ривожланиши, ўз замонасига мос бўлиши керак эди. Аммо замон нафасини теран ҳис этиши керак бўлган хону беклар ўзларининг икир-чикир юмушларидан ортмади ҳисоб. Натижада аскарий тартиб юксалмадигина эмас, аксинча шиддат билан жарга қулаб тушди. Буни Қўқон хонлиги армияси мисолида ҳам кўриш мумкин.
1860 йилда қўқонликларда, аслини олганда, мунтазам, ҳатто бир озгина бўлса ҳам олдиндан ташкил этилган қўшин йўқ эди. Хонликда тинчликни сақлаш ва қалъа гарнизони учун ҳақ тўланадиган кўнгиллилар хизмат қиларди. Уруш вақтида хизматга қурол кўтариб юришга лаёқатли бўлган барча эркаклар чақирилган.
Ҳайдарбек Бобобековнинг
“Қўқон тарихи” асаридан.
Чоризм босқини арафасида Марказий Осиёга келиб, барча хонликларни ва амирилик ҳудудини кезиб чиққан америкалик тадқиқотчи, дипломат ва сайёҳ Южин Скайлер ўзининг “Туркистон” асарида бу ҳақда шундай ёзади: “Қўқоннинг 12 минг кишилик қўшини бўлиб, анча суст, интизом яхши йўлга қўйилмаган. Бир хил кийинган ва бир хил қуролланган иккита аскарни зўрға учратдим. Баъзиларида калтак ёки пилта милтиқ бўлса, кўпларида маҳаллий сўйилдан бўлак ҳеч вақо йўқ.
Зобитлар улардан фарқли ҳол камар ва шамширлар, буйруқ қилиш учун калта таёқларга эга”.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Зобитлар ҳарбий либосига қадалган тугмачалар ҳам турлича бўлиб, бир қанчаси овропадан, кўпроғи Россиядан келтирилган.
Сайёҳ бу ҳолдан таажжубга тушади. Ичида шуям армия бўлдими, деган бўлса ажабмас. Бу табиийдир. У бутун Овропа ҳарбий салоҳиятидан етарлича хабардор бўлган киши сифатида оддий оломон тўдасини эслатиб турадиган Қўқон лашкарини армия сифатида тан ололмасди ҳам.
Бундай ибтидоий кўринишдаги армия билан босқинчига қарши қандай қилиб курашиш мумкин. Курашган билан ғалабага эришиб бўлармиди. Лекин шунга қарамай, шу лашкар билан Қўқон хонлиги қўшини Оқмачитда бўлган бир неча жангларда ғалаб қозонганлиги ҳайратланарли, албатта.
Бу ўринда аскарлардаги ватанпарварлик туйғуси жанглар тақдирини ҳал қилган кўринади, бунинг бошқача изоҳи йўқ.
Қўқон хонлигининг кейинги тарихи турли гуруҳлар курашидан иборат бўлади. Бу эса хонликнинг Россия империяси учун тайёр ўлжага айланишига олиб келади. Қаттиқ қаршиликка қарамай, Хўжанд эгалланиши билан Бухородан узилиб қолган Худоёрхон 1868 йил Қўқонни Россияга қарам давлатга айлантирувчи сулҳни имзолашга мажбур бўлади. 1876 йили Қўқон хонлиги давлат сифатида бутунлай тугатилди.
Муҳаммадқодир Собировнинг
“Ташкил топиш, юксалиш ва хотима”
мақоласидан.
Балки хонлар ҳарамдан ортиб, лашкарни кучайтиш йўлида қайғурсалар эди, она Ватанимиз узоқ давом этган истибдодга тушиб қолмаган бўлармиди.
Балки бек ва амалдорлар халқдан йиғилган солиқ пулининг бир қисмини лашкар учун сарфлаганларида, бу муқаддас замин босқинчи оёқлари остида топталмаган бўлармиди...
Балки даврининг гапга етар зиёлилари ёки ҳурофотдан ҳоли диндорлари бизда ҳеч замонда лашкар бунчалик ачинарли кўринишда бўлмаган, деб жар солсалар, ўша хону беклар ҳаракатга тушиб қолган бўлармиди...
Балки, балки... Буни кўп мартда такрорлаш мумкин. Аммо энди бундан нима фойда, тарих ғилдирагини ортга айлантиришнинг иложи йўқ.
Тарихнинг аччиқ ҳақиқати барчамизга сабоқ бўлмоғи даркор!
Чтобы скачать видео "Тарих сабоқлари. Шуям армия бўлдими?" передвинте ползунок вправо
- Комментарии
Комментарии ФБ