Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 январь куни Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида ўтаётган “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида нутқ сўзлади.
Саммитда Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим, Финляндия Республикаси Бош вазири Петтери Орпо ҳамда қатор бошқа мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлари раҳбарлари иштирок этмоқда.
Форумнинг кун тартибига мувофиқ, барқарор тараққиётни таъминлаш, инновациялар, “яшил” иқтисодиёт ва минтақавий ўзаро боғлиқликни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бугунги кунда энергетика манбаларини диверсификация қилиш, улардаги углеводород улушини кескин камайтириш – иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, барқарор ривожланиш ва глобал хавфсизликни таъминлашнинг асосий шарти эканини таъкидлади.
Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади – экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган “яшил” ривожланиш моделига ўтишдир.
– Шу боис 2025 йилни Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилдик, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Президенти юртимизда Кам углеродли ривожланиш бўйича узоқ муддатли стратегия ва “яшил” молиялаштириш миллий дастури ишлаб чиқилгани, инвестиция лойиҳаларида “яшил” компонентлар келгуси беш йилда 50 фоизгача кўпайтирилишини қайд этди.
Иссиқхона газларини мониторинг қилиш ва эмиссия учун квоталар савдоси бўйича миллий тизимларни жорий этиш ишлари давом этмоқда. 2030 йилга келиб иссиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга қисқартириш ва бу мажбуриятни босқичма-босқич ошириб бориш режа қилинган.
“Яшил макон” дастури доирасида шаҳарлар ҳудудларининг камида 30 фоизи кўкаламзор майдонларга айлантирилади. Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни 100 фоиз татбиқ этиш тизимли чоралари кўрилмоқда.
Шавкат Мирзиёев тез суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимизнинг энергетикага бўлган талабини тўлиқ қондириш учун “яшил” қувватлар жадал ривожлантирилаётганига эътибор қаратди.
– Ўтган 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинди ва 9,6 гигаватт замонавий энергия қувватлари ишга туширилди. Жумладан, 3,5 гиваттли 14 та қуёш, шамол электр станциялари ва 300 мегаваттли 2 та сақлаш тизимлари ишга туширилди, – деди давлатимиз раҳбари.
Ҳозирда хорижий ҳамкорлар билан қиймати 26 миллиард доллардан зиёд ва умумий қуввати 24 гигаватт бўлган 50 дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2030 йилга қадар мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган.
– Бугунги кунда “яшил” тараққиёт Ўзбекистонда умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари мазкур йўналишда минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириб, Марказий Осиёни “яшил” иқтисодий ривожланиш ва “тоза энергия” марказларидан бирига айлантириш муҳимлигини қайд этди.
Қадимги Буюк ипак йўлини ўзаро энергетик боғлиқлик орқали тиклаш йўлида ҳам илк қадамлар ташланди. Яқинда COP-29 саммити доирасида Қозоғистон ва Озарбайжон билан имзоланган кўп томонлама битим Европага “яшил” энергияни экспорт қилиш имкониятини беради.
– Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, “яшил” энергия соҳасида Бирлашган Араб Амирликлари бизнинг ишончли ва стратегик ҳамкоримиздир, – деди Ўзбекистон етакчиси.