#xs_uz #narodnoeslovo
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди.
Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган анжуманда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, нодавлат ташкилотлар фаоллари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбир Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телерадиоканаллари, шунингдек, ҳудудий ва нодавлат телеканаллар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди.
Давлатимиз раҳбари томонидан ўтаётган йилда эришилган ютуқлар чуқур таҳлил этиладиган, мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар, устувор мақсад ва вазифалар белгилаб бериладиган ушбу тақдимномани бутун Ўзбекистон халқи катта қизиқиш билан кузатди.
Юртдошларимиз оила даврасида оинайи жаҳон орқали, таълим масканлари, турли ташкилотларда ўрнатилган мониторларда ушбу тарихий воқеликка гувоҳ бўлди. Мурожаатномани минглаб ёшлар Республикаси Президентининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали ўқиб борди.
Кенг жамоатчиликнинг ушбу сиёсий тадбирга эътибори юксаклиги бежиз эмас. Зотан, Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг дастуриламали ҳисобланган ушбу муҳим ҳужжат ҳар биримизнинг тақдиримизга дахлдордир.