#xs_uz #narodnoeslovo
Анвар Пошодан
қизиллар ўлгудек қўрққан
Қизиллар Анвар Пошодан ҳадиксираган, ўлгудек қўрққан. Шу боис шўро тарғиботчилари уни ёмон отлиқ қилиш учун “у Англия жосуси” деган иғвони ўйлаб топишади. Қизиғи шундаки, бу масала унинг вафотидан кейин деярли ёпилган эди. Аммо охирги пайтларда қайтадан кўтарилаётгани, баъзи шовинист тарихчи ва сиёсатчилар томонидан тез-тез эслатилаётгани эса ҳам таажжубли, ҳам ташвишлидир...
Анвар Пошо бизнинг ҳудудларга келгунига қадам ҳам катта шон-шуҳрат ва машҳурликка эришиб бўлганди. Шу боис ундан биринчи бўлиб шўролар ҳукумати фойдаланиш ҳаракатига тушиб қолган. Яъни унинг кўмаги билан Туркистонда инқилобий харакатларни кучайтириш, аксилшўровий кучларни бостириш мақсадида унга сиёсий бошпана берадилар. Аммо Анвар Пошо бу бир ҳийла эканлигини тезда тушуниб етган.
Мансурхўжа Хўжаевнинг қайд этишича, 1922 йил 28 март куни Анвар Пошо Амир Олимхондан барча қўшинга Бош қўмондон этиб тайинлангани ҳақида иноятнома олади. Шундан сўнг у большевикларга Шўро қўшинини Туркистондан олиб чиқиб кетиш тўғрисида ультиматум юборади. Бундан чўчиган большевиклар унга қарши ташвиқот ишларини кучайтирадилар.
Анвар Пошо бутун Туркистон халқига Мурожаатнома эълон қилиб, уни қуйидаги сўзлар билан бошлайди: “Орқадошлар! Туркистоннинг муқаддас даъвоси йўлида олиб борилаётган курашга мен ҳам қўшилгани келдим…”
Мансурхўжа Хўжаевнинг
“Шермуҳаммад қўрбоши” китобидан.
Қизиллар Анвар Пошодан қўрқишига етарлича сабаблар бор. Масалан, у 1922 йил 24 июнга ўтар кечаси ўзининг 3 минг йигити билан ёвнинг тиш-тирноғигача қуролланган 8,5 минг нафарлик қўшинини яксон қилади. Ундан кейин ҳам қизилларга қарши муваффақиятли жанглар олиб боргани тарихдан маълум. Муҳими, бирор марта енгилган эмас. Натижада босқинчилар унинг стратегия ва тактикаси олдида нима қилишни билмасдан ўзини йўқотиб қўяди.
Шундан сўнг босқинчилар айёрлик йўлига тутган. Авалига уни “Англия жосуси” дея оламга жар солган бўлса, кейин бир маслак йўлида кураш олиб бораётган озодлик ҳаракати вакиллари ўртасига низо солишга уринади.
Хусусан, Сталин, Чичерин, Куйбишев ва Файзулла Хўжаев томонидан ишлаб чиқилқан қарорда Бухоро ва Фарғона аҳолиси орасида сиёсий иш олиб бориш, қўрбошилар орасига нифоқ солиш, иғволар қилиб истиқлолчиларни бўлиб ташлаш масалалари асосий вазифа қилиб белгиланган эди.
Хийлакорларнинг бу фитнаси ўз самарасини бериб, Бойсунда бўлаётган жанг маҳали Иброҳимбек қўрбоши 10 минглик қўшини билан кетиб қолгани аччиқ ҳақиқат.
Анвар Пошонинг қўшбошилар номидан қизиллар раҳбарларига йўллаган мактубида шундай дейилади: “Ҳақиқий мустақил Бухоро тупроғидаги аҳоли вакиллари бўлган бизлар сизларга маълум қиламизки, сиз мамлакатимиздан чиқиб кетмагунингизча жангни давом эттираверамиз”.
Файзулла Хўжаевнинг танланган асарларидан.
Қизиллар ҳийла тузоқларини қуришдан бир зумга бўлсин тўхтаган эмас. Жумладан, шўролар ташқи ишлар халқ комиссарлиги 10 кишидан иборат делегациясини Бойсунга жўнатиб, агар Анвар Пошо сулҳга рози бўлса, “Дарвоз, Қоратегин, Кўлоб, Душанбе ва Ҳисор вилоятларини бирлаштириб, мустақил бир давлат тузиб олиши мумкинлиги уқтирган. Бунинг эвазига у Туркистонда бўлаётган ишларга аралашмаслиги керак эди. Анвар Пошо эса “Сулҳ битими фақат Туркистон тупроқларидан бутун рус аскарлари олиб чиқиб кетилгандан кейингина гап мавзу бўлиши мумкин”, деб жавоб берган.
Бу ҳийласи ҳам иш бермаган қизиллар охирги чорани, яъни жосусларни ишга солади. Анвар Пошо шериклари билан Балжувонда турган бир пайтда босқинчиларнинг 3 та отлиқ полки ва 3 та эскадрони ҳужум бошлайди. Жанг маҳалида замона қаҳрамони ўлдирилади. Ачинарлиси шундаки, орқасидан қилич урган кимса унинг қўлида Муҳаммад Ғозий номи билан хизмат қилиб юрган қизиллар жосуси Георгий Каспарян эди. Анвар пошо жасади Балжувон кентининг Четан деган жойига дафн этилади.
Анвар пошо бугун йўқ. Хўш, шундай экан, айрим шовиният сиёсатчи ва тарихчиларга уни эски айб, яъни “Англия жосуслиги”да айблаш нима учун керак бўлиб қолди?
Буни тушуниш қийин эмас.
Назаримизда, кейинги йилларда кузатилаётган туркий халқларнинг бир-бирига интилиши ва яқинлашуви қизил империалистларнинг меросхўрлари бўлган кимсаларни безовта қилаётган, беҳад ташвишга солаётган кўринади...
Тарихнинг аччиқ ҳақиқати барчамизга сабоқ бўлмоғи даркор!