Туркий дунё жипслигининг яна бир ёрқин ифодаси

Просмотров: 2, 617   |   Загружено: 7 мес.
icon
Xalq so'zi Online
icon
35
icon
Скачать
iconПодробнее о видео
#xs_uz #narodnoeslovo

Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ томонидан Туркманистоннинг Анау шаҳри 2024 йилда “Туркий дунёнинг маданият пойтахти”, деб эълон қилинган. Шунингдек, ЮНЕСКО раҳнамолигида буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллик қутлуғ юбилей санаси дунё миқёсида кенг нишонланмоқда.
Шу муносабат билан Туркманистонда “Туркман замини — қадимий маданиятлар маркази” мавзусида хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида халқаро медиатур бўлиб ўтди. Унда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ҳамда кузатувчи мақомидаги мамлакатлар вакиллари, жаҳоннинг турли давлатларидан олимлар, экспертлар, тарихчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон медиа соҳаси вакилларининг ҳам иштирок этгани мамлакатимизнинг туркий дунёда ўз ўрнига эга экани, шунингдек, Ўзбекистон ва Турманистон ўртасидаги азалий дўстлик, ҳамжиҳатлик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Ўзбекистон учун маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш туркий мамлакатлар билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири. Чунки ушбу мамлакатларни умумий тарих, тил ва муштарак қадриятлар бирлаштириб туради. Шу боис ТУРКСОЙ доирасидаги алоқалар бугунги кунда жадал ривожланмоқда.

Туркманистонда бўлиб ўтган тадбирда туркий халқларнинг маданияти, қадриятлари, анъаналари тарғиботи яна бир бор намоён бўлди.
Медиа-тур доирасида Ашхобод шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилинди. Оқ мармардан бунёд этилган гўзал иншоотлар иштирокчиларда ижобий таассурот қолдирди.
Ашхобод сўзи “Ошиқлар шаҳри” маъносини беради. Оппоқ мармар билан безалган бинолар гўё ипга тизилган маржонни ёдга солади. Шаҳарга “Марказий Осиёнинг марвариди” дея баҳо беришгани ҳам балки шундадир.
Сўнгра Аҳал вилоятидаги Аркадағ шаҳрига йўл олинди. “Ақлли шаҳар” типидаги ушбу кўркам кент туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ташаббуси билан 2019 йилдан қурила бошланди. Ҳозирги кунда бунёдкорлик ишларининг биринчи босқичи якунланган. Бу ерда аҳолига хизмат кўрсатиш, шаҳар инфратузилмаси билан боғлиқ технологиялар — барчаси электронлаштирилган. Экологияни соф ҳолда сақлаш мақсадида фақат электромобиллар ҳаракатланади. Яшил ҳудудларни кенгайтиришга алоҳида урғу берилмоқда.
Иштирокчилар Аркадағ шаҳрининг очиқ осмон остидаги тарихий-маданий сайилгоҳида бўлди. Бу ерда Аҳал вилояти ҳудудида жойлашган тарихий-маданий объектлар, обидалар, аҳолининг қадимий манзилгоҳлари, қадамжоларнинг макетлари ўрнатилган.
Гўрўғли номидаги давлат отчилик цирки ҳам туркман маданиятининг ёрқин намуналарини намоён этиши билан аҳамиятлидир. Бу ерда Аҳалтеке отлари устидаги ажойиб томошалар йиғилганларда ҳайрат уйғотди.
Куннинг иккинчи ярмида Аҳал вилоятидаги Наврўз сайилгоҳи майдонига ташриф буюрилди. Бу ерда Шарқона янги йил кириб келгани муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Иштирокчилар туркман халқининг қадимий илдизларини намоён этувчи экспонатлар, саҳнавий чиқишлар, миллий ўйинлар, урф-одат ва қадриятлар намойиши билан танишди.
Ушбу ҳудудда туркий халқларнинг павилонлари ҳам ташкил этилган. Хусусан, Ўзбекистон павильонида халқимизнинг асрий удумлари, миллий кийимлари, санъатимиз намуналари, қўшиқ ва рақслар намойиш этилди.
Ўзбек ва туркман халқининг тарихи, тили, дини ва анъаналари бир, мақсадлари муштарак. Бу икки халқ ўртасидаги муносабатлар асрлар давомида вақт синовидан ўтган. Халқларимиз оғир кунларда бир-бирига елкадош бўлиб, қувончу шодликларини бирга баҳам кўриб келган.
Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар янги сифат босқичига кўчди. 2017 йилда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва кимё саноати, темир йўл транспорти, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича келишувлар бугун ҳаётга жадал татбиқ қилинмоқда.
Қадимий ўтов кўринишида бунёд этилган муҳташам “Наврўз” саройида бўлиб ўтган тадбирда туркий халқлар ўртасида дўстлик ришталари янада мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. ТУРКСОЙ томонидан ўтказилаётган тадбирлар бу йўлда муҳим ўрин тутмоқда.

Сўзга чиққанлар Анау шаҳри қадимий туркий цивилизациянинг ўчоқларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, Махтумқули Фироғийнинг нафақат туркий халқлар, балки жаҳон адабиёти ва маданияти тарихида алоҳида ўрин эгаллашини қайд этди.
Дарҳақиқат, дунё халқлари каби ўзбеклар ҳам Махтумқули шеърларини севиб мутолаа қилади. Улар асосида қўшиқлар яратиб, куйлаб келади. Шу маънода айтиш мумкинки, Махтумқули ўзбек халқининг ўз шоирига айланган.
Президентимиз қарорига кўра, Ўзбекистонда ҳам Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланиши халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги қардошлик ришталари мустаҳкамлигининг, умумий тарихий тақдиримиз, ўзаро ҳамжиҳатлигимиз ва жипсликка доимо тайёр эканимизнинг яна бир ифодасидир.

Похожие видео

Добавлено: 55 год.
Добавил:
  © 2019-2021
  Туркий дунё жипслигининг яна бир ёрқин ифодаси - RusLar.Me