Сайғоқлар соатига 70-80 километр тезликда югурадиган ушбу ғайриоддий жониворлар жайронлардан йирикроқ. Гавдаси паст бўйли, оёқлари ингичка, думи эса калта. Бурни пастки жағдан туртиб чиққан, жуда массив ва ҳаракатчан бўлиб, кичик хартумга ўхшайди. Кичкина қулоқлари бор. Лирасимон шаклдаги, сарғиш-мумсимон рангдаги шохлар фақат эркакларида бўлиб, узунлиги 40 сантиметргача етади. Ёзда мўйнасининг ранги сарғиш қизил, қишда эса кулранг-оқ, оқ-сарғиш ёки оқиш рангга киради. Тана узунлиги 98-146 сантиметр, думи эса 8-18 сантиметр бўлади. Яғринидан ҳисоблаганда эркагининг бўйи тахминан 70-83, урғочисиники эса 63-74 сантиметргача етади. Эркаги 37-60, урғочиси 20-40 килограмгача тош босади.
Ўтган асрнинг 1970-1980 йилларида Устюртда сайғоқларнинг сони 1 миллион бошдан ортиқ бўлган. Кўчиб юриш вақтида уларнинг жуда улкан тўдалари қишлоқларгача кириб борган. Натижада ушбу ҳайвонларни саноат асосида овлашга ҳам рухсат берилган. Ўша вақтда Хитойда сайғоқ такаси шоҳининг нархи кундан кунга ошиб борган. Нукус дўконлари сайғоқ гўштлари билан тўлиб кетган. Гўштлар арзон нархларга ҳам ўтмай қолгач овчилар сайғоқларнинг фақат шоҳини кесиб, танасини ташлаб кетаверган.
Бугунги кунда Ўзбекистон билан Қозоғистон чегарасида сайғоқларнинг кўчиб юриш даврида чегарадан ўтиши учун 12 километр жойдаги тиканли сим олиб ташланган ва ўтиш жойи очиқ қолдирилган. Сайғоқлар Шимолда кун совигандан сўнг, Қорақалпоғистондаги илиқ ҳудудларга айнан ҳозирги вақтда яъни ноябрь ойларида келиб, болаларини бироз катта қилгач, май ойларида яна Шимолга, яъни Қозоғистон даштларига қайтиб кетади. Устюртнинг Алмамбет, Дувона ва Белеули ҳудудлари сайғоқларнинг болалаш мавсуми учун қулай манзил. Агар улар чегарадан ўта олмаса, сайғоқлар кўпайиш мавсумида Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти даштларида қолиб кетиши мумкин. Апрел-май ойларида у томонда кун ҳали совуқ бўлганлиги сабабли янги туғилган улоқчалар ўпкасини совуққа олдириб қўйиш эҳтимоли юқори бўлади. Уларнинг тўдаларини одатда такалар эмас, эчкилари бошлаб юради. Такалари уруғлантириш мавсумидан кейин, эчкилар болалайдиган пайтда алоҳида тўда бўлиб юради.
Зоолог олимларнинг аниқлашича, эчкилар дунёга келтирадиган улоқларининг эркак ёки урғочи бўлишини ўзлари тартибга солар экан. Агар ораларида такалар сони камайиб кетса, шу йили тўдада эркак улоқлар сони кўпаяди. Сайғоқлар ана шу усул билан ўзларининг сонини кўпайишини назоратга олиб туради. Ушбу жониворлар ҳар йили камида иккитадан болалайди. Урғочи улоқлар 6 ой ўтгач кўпайиш қобилиятига эга бўлади. Эркаклари эса 19 ойдан сўнг такалик қилиши мумкин.
Кийиклар болалайдиган май ойининг 10-15 саналари оралиғида Устюртда об-ҳаво айниб, довул кўтарилиб, ёғингарчилик юз беради. Бу вақтда ҳашаротлар бўлмаганлиги сабабли сайғоқ болаларининг омон қолиши эҳтимоли юқори бўлади. Янги туғилган улоқлар ярим соатдан кейин онасини эмиб, икки-уч соатдан сўнг оёққа туради, икки кунлик улоқларни эса қувиб етиш амри маҳол. Яқин атрофда йиртқич бўлса, ота-оналари уни чалғитиш учун боласидан нарироқда юради. Табиатнинг барча қонунларини табиий инстинкт билан ўрганган улоқчалар онаси йўқлигида жим ётади. Уларнинг терисининг ранги тупроқ билан бирдек кўринганидан икки-уч метрдан қарасангиз ҳам уни тупроқ уюми дейиш мумкин.
Она сайғоқлар йўлидан чиққан етим қолган улоқларни эмизиб, ўзи билан эргаштириб олиб кетади. Сув ҳавзаси энг хавфли жой бўлганлиги учун она сайғоқлар улоқчаларини икки ҳафтагача сут билан озиқлантириб кейин сув ичиш учун олиб боради. Ушбу жониворлар Устюртда асосан тақирликка йиғилган сувлардан ичади. Май ойлари охирларида тақирлик сувлари сингиб ёки буғланиб кетади. Бу пайтда сайғоқлар шимолга қараб ўтиб кетади ва янги ўсган чўпларнинг суви билан чанқоғини қондиради. Ёғингарчилик кунлари эса ҳафталаб сув ичмайди. Қишда қор ейди, қорсиз кунларда муз ялайди. Тўдани сувга урғочи сайғоқ бошлаб келади. Аввал атрофга диққат билан қараб олади. Қолганлари унинг буйруғисиз сувга яқинлашмайди. У сувга интилгач, бошқа сайғоқлар ҳам унинг ортидан кела бошлайди. Такалар эса энг охирида келади. Улар 1-3 дақиқа ичида тез сув ичиб даштга қайтишади.
Сайғоқларнинг тумшуғи фақат ўсиб турган ўтни узиб ейиш учун мўлжалланган. Ҳозирда ушбу ноёб жониворлар Устюрт саҳроларидан ташқари Мўғилистон ва Қолмоқда сақланиб қолган. Сўнгги вақтларда даҳшатли даврни бошдан кечирган табиатнинг мазкур ноёб жонзотларида одамзодга нисбатан чексиз нафрат шаклланганиб, инсонларни енгиб бўлмас душман деб билиб қолишганлиги учун ҳам одамлар сайғоқлар тўдасини ортидан қувишса тўдадаги така атайин ортда қолиб ўзини ўлжа сифатида тутиб беради. Бундан мақсад одамлар у билан овора бўлиб қолган вақтда тўданинг қолган қисми хавфсиз жойга етиб олиш экан. Буни қўриқхона ходимлари сайғоқларни илмий ўрганиш учун кузатганда бир неча бор гувоҳи бўлишган.