“Соғлиқни сақлаш – TIHE 2022” етакчи халқаро тиббиёт кўргазмаси 12-14 апрель кунлари “Ўзэкспомарказ” ММКнинг иккита марказий павильонида яна бир бор мутахассисларни жамлади.
Тиббиёт бетўхтов ривожланиб бормоқда. Доимий равишда янги дори воситалари патентланмоқда, тиббий асбоб-ускуналар яратилмоқда, даволаш жарроҳлик амалиётларининг янги усуллари жорий этилмоқда. Ҳар бир мамлакат давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларини тизимли янгилаш, замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлашга, шифокор ва тиббиёт мутахассисларининг малакасини оширишга интилади. Мамлакатимизда ҳам фуқаролар соғлиғини сақлаш тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
TIHE – 1995 йилда Тошкентда ўтказилган энг биринчи тиббий кўргазмадир. Соҳа мутахассислари кўргазма соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, энг янги тиббий асбоб-ускуналар ва технологиялар билан танишишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашади. Ҳар йили кўргазма майдони ўз доирасида ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, дилерлар ва шифокорларни тиббиёт соҳасидаги энг сўнгги янгиликлар, мавжуд тиббий амалиётлар ва илғор технологияларни муҳокама қилиш учун бирлаштиради.
Мамлакатимиз ва хорижий компаниялар томонидан кўргазмага бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бормоқда. Жорий йилда 150 та компания ва брендлар 15 мамлакатдан, яъни Беларус, Германия, Ҳиндистон, Испания, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Жанубий Корея, Латвия, Покистон, Польша, Россия, Туркия, Чехия, Ўзбекистондан иштирок этишади. Улар тиббий асбоб-ускуналар ва технологиялар, тайёр доривор маҳсулотлар, фармацевтика саноати учун ускуналар ва технологиялар, стоматология ускуналари ва технологияларини тақдим этади.
“Соғлиқни сақлаш – TIHE 2022” 26-Тошкент халқаро кўргазмаси доирасида “Соғлиқни сақлашда замонавий технологиялар” мавзусида илмий-амалий семинарлар ўтказилади. Семинарларда олинган янги билимлар, ўзаро тажриба алмашиш мамлакатимизда малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва тиббиёт ривожига хизмат қилади.