#xs_uz #narodnoeslovo
Хоразмшоҳлар салтанатининг инқирози ҳақида сўз кетганда, бир нечта сабаб асос қилиб келтирилади. Ана шулар қаторига коррупцияни ҳам қўшган бўлардик. Негаки, коррупция туфайли ичидан зил кетган бу улкан салтанат битта зарбадаёқ қулаб тушди, парчаланиб кетди...
Хоразмшоҳлар даврига оид маълумотлар синчковлик билан кузатилса, бир қарашда бари рисоладагидек бўлиб кўрингани билан марказдан тортиб вилоятларгача, катта амалдордан тортиб кичикларигача ва барча соҳаларда коррупция урчигани, унинг ёмонлигидан омонлик топиш амри маҳол экани аён бўлади.
Масалан, вазир Низомулмулк ҳузурида бўлган йиғилишга ҳанафийлар тарафдорлари етакчиси бўлган Бурҳониддин кечикиб келади ва кексалигини айтиб, бунинг учун узр сўрайди. Ҳаммаси шу билан якун топиши мумкин эди, аммо коррупция авж олган жамиятларда эмас. Воқеалар давомида вазир ўз одамини Бурҳониддин ҳузурига йўлларкан, ундан 100 минг динор ундириб келишни буюради. Мана сизга йиғилишга кеч қолишнинг бадали. Табиийки, бу пул салдан кейин ундирилади ҳам.
Машҳур воқеа, яъни Чингизхон савдогарларининг Инолхон томонидан ўлдирилиши жараёнида коррупциянинг қатор аломатлари яққол кўринади. Бу воқеа Шиҳобиддин ан-Насавий ҳамда араб тарихчи ал-Асир томонидан тўла ҳикоя қилинган.
Тарихчиларга кўра, Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ эҳтиёткорлик учун Инолхонга баъзи тадбирларни амалга оширишга рухсат беради ва ўзининг қарорини кутишни буюради. Инолхонга эса шунинг ўзи етарли бўлди, яъни у савдогарларни ўлдириб, уларнинг молини ўзини қилиб олади.
Насавий “Султон Жалолиддин Мангуберди” асарида бу ҳақда шундай ёзади: “Инолхон ўзига берилган имкониятдан ҳам ошириб иш қилди, уларни қўлга олди. Сўнгра улардан бирор дарак бўлмади. Инолхон эса Султонга хиёнат қилган ҳолда савдогарлар молларини ўзи билганича тақсим қилди”.
Воқеалар давомида коррупциянинг яна бир аломати юзага чиқади. Яъни Инолхоннинг қотиллиги ҳамда хиёнаткорлиги маълум бўлиб, энди уни нима қилиш кераклиги масаласи кўтарилган бир паллада коррупция яна ўз сўзини айтди. Шу боис жиноятчи ва икки давлат орасида уруш келтириб чиқарган айбдор жазоланмасдан қолади.
Гап шундаки, Чингизхон қотил Инолхонни жазолаш ёки бўлмаса ўзига топиширишни талаб қилади. Аммо Хоразмшоҳ бунга журъат қилолмайди. Негаки, қўшин орасида зобитларнинг аксарияти Инолхоннинг қариндошлари эди. Уларнинг бу лавозимларга қандай қилиб жойлашиб олганликларини эса тушуниш қийин эмас. Қолаверса, Инолхон Туркон хотун мансуб қабиладан бўлиб, ана шу сабаблар Хоразмшоҳнинг қўлларини ипсил боғлаб турарди.
Шиҳобиддин ан-Насавий юқорида номи зикр этилган асарида бу ҳақда шундай маълумот беради: “Туркон хотун, яъни “турклар онаси” номи билан шуҳрат топган Султон Муҳаммад волидаси қўшиннинг олий саркардалари ҳисобланган қипчоқ оқсуяклари билан уруғ-қабила алоқалари орқали маҳкам боғланган эди. У ўз қабиладошлари манфаати йўлида саройда кўтарилган барча фитналарга бошчилик қилар, ҳатто уларда шоҳга қарши адоват руҳини уйғунлаштириб қўйган эди”.
Яна бир мисолни келтирсак, мавзу билан боғлиқ тасаввурларимиз янада ойдинлашади.
Жалолиддин Ҳиндистондан қайтганидан кейин Хуросон вилоятларини ва уларга чегарадош бўлган Ироқ ва Мозандороннинг айрим қисмларини ҳам эгаллайди. Шундан кейин у харобага айланган шаҳарларнинг остида қолган хазиналарни йиғиб олиш ишларини йўлга қўяди. Хазина йиғувчиларнинг бир йиллик бадал ҳақи уч минг динор қилиб белгиланади. Аммо бадалчиларнинг аксарияти маблағни ўзиники қилиб оларди. Зеро, уларни Ватан хавф остида тургани ҳам, Султоннинг юксак ишончи ҳам қизиртирмасди. Уларга пул бўлса бўлди, бошқаси умуман қизиқтирмасди...
Аслида, коррупция билан боғлиқ ҳолатлар Хоразмшоҳлар даврида жуда кўп эди, биз улардан бир нечтасини келтирдик, холос.
Ана шу ҳолатлар ҳам бир қарашда ниҳоятда мустаҳкам бўлиб кўринган улкан салтанатни ич-ичидан емирган ва оқибатда Чингизхон учун тайёр хўракка айлантирган бўлса не ажаб.
Тарихнинг аччиқ ҳақиқати барчамизга сабоқ бўлмоғи даркор!
Муаллиф ва бошлвчи:
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ.