#xs_uz #narodnoeslovo
Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шарт-шароитлар туфайли бошқа соҳалар сингари тиббиётимиз ҳам жадал ривожланмоқда. Бунда биргина мураккаблик даражаси турлича бўлган жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилаётгани ҳам буни яққол тасдиқлайди.
Бугунги қаҳрамонимиз — ўнлаб шогирдларнинг устози, юзлаб илмий мақолалар муаллифи, машҳур жарроҳ Хабибулло Оқилов.
— Айни чоғда сизга ва ўзбек тиббиётига катта шуҳрат келтирган тарихий воқеа — сиам эгизакларида ўтказилган муваффақиятли жарроҳлик амалиёти ҳақида суҳбатлашсак. Бу ўринда гап қирғизистонлик Фотима ва Зуҳра ҳақида боряпти. Унга тайёргарлик жараёнида худди биринчи сафар бўлганидек хориждан кучли-кучли жарроҳларни, масалан, россиялик ҳамкасбларни чақирсак бўларкан, деган ўй ўтдими-йўқми?
— Сал орқага қайтадиган бўлсак, 2006 йил қашқадарёлик эгизакларда худди шундай жарроҳлик амалиётини қилганмиз. Ҳозиргача бутун дунёда 7 ёки 8 та давлатда бундай жарроҳлик амалга оширилади. Ўзбекистон ҳам ана шулар қаторига қўшилганидан, албатта, қувонамиз.
Тайёргарлик жараёнида устозлар, ҳамкасблар билан маслаҳатлашдик. Ўшанда шу ишларнинг тепасида турган устозим, академик Феруз Назиров “Бу амалиёт биз учун янгилик, агар чақирсак бошимиздаги тожимиз тушиб кетмайди”, деб маслаҳат берди. Шу тариқа россиялик академик Сергей Готьени таклиф этганмиз. Кейин у билан биргаликда ҳаракат қилдик. Шу жараёнда бизнинг шифокорлар ҳеч бир жабҳада улардан қолишмаслигига амин бўлдик. Қолаверса, соҳада олиб борилаётган янгиланишлар туфайли ишлашимиз учун барча шарт-шароит яратилди. Шу боис бу сафар ўзимиз ўтказишга қарор қилдик.
Гапнинг очиғи, 2006 йилда ҳали унчалик шароит йўқ эди. Шунинг учун керакли нарсаларни ҳар жойдан йиғиб келтирганмиз. Аммо ҳозирга келиб вазият бутунлай ўзгариб кетди. Айниқса, охирги йилларда тиббиёт сезиларли даражада илгарилади. Ҳозирги кунда дунёнинг ривожланган давлатларида қилинаётган мураккаб жарроҳлик амалиётининг кўплари Ўзбекистонда амалга ошириляпти. Соҳага катта маблағ йўналтирилаётгани ва энг замонавий техникалар олиб келинаётгани ҳамда шифокорларимиз хорижда малака ошириб келаётгани, дунёнинг етакчи мутахассисларини юртимизга чақириб, ўзаро тажриба алмашилаётгани бу борада муҳим омил бўляпти.