Адвокатнинг афсонавий қарори

Просмотров: 1, 341   |   Загружено: 6 мес.
icon
Xalq so'zi Online
icon
50
icon
Скачать
iconПодробнее о видео
#xs_uz #narodnoeslovo
Биринчи ўзбек адвокати Убайдулла Хўжаев ўзининг устидан бўлган суд маҳкамасида афсонавий қарорга келади. Яъни адвокат олмаган ҳолда, Россия қонунлари асосида ўзини ўзи ишончли тарзда ҳимоя қилади ҳамда ғалабага эришади. Ҳатто, бу ҳолдан рус маъмурлари ҳам ҳайратда қоладилар.
Халқимизнинг биринчи адвокати Убайдулла Хўжаевнинг ҳаёти миллий озодлик йўлидаги оғир курашларда кечди. Аввал чор Россияси, кейинг шўро босқинчиларига қарши олиб борилган машаққатли кураш бунинг далилидир.
Маълумотларга кўра, 1904 йили гимназиянинг тўрт синфини тугатган Убайдулла Хўжаев Тошкентдаги “мировой судья”лардан бири Оранскийнинг қўлида мирза бўлиб ишлай бошлайди. Суд жараёнида таржимонлик қилиб, на рус тилини билган, на ҳуқуқий билими бўлган юртдошларимизга кўмак беради. Кейин у Саратов шаҳридаги университети адлия бўлимини сиртдан тамомлаб, хусусий ҳимоячи шаҳодатномасини қўлга киритган.

Кўп ҳурматли Лев Николаевич! Сизни безовта қилишни истамаганим ҳолда, аммо, менга шубҳали туюлган “ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик" масаласида бирор аниқлик киритарсиз, деган умидда ушбу мактуб билан Сизга мурожаат қилишга журъат этдим.
Убайдулла Хўжаевнинг Лев Толстойга
йўллаган хатидан.

Убайдулла Хўжаев Абдулла Авлоний томонидан тузилган “Турон” жамияти ва театр труппаси фаолларидан эди. Айни чоғда “Турон” мусулмон драма санъати ҳаваскорлари иттифоқи” низомини тузиб беради. “Падаркуш” спектаклининг 1914 йил 27 февралда “Колизей” театрида илк бор намойиш қилинишида ҳам унинг хизмати катта. Шу билан бирга, у “Садои Туркистон” газетасига ноширлик ва муҳаррирлик қилган.
Унинг ушбу ҳаракатлари чор маъмурларига ёқмайди, албатта. Натижада унинг газетаси ҳам, ўзи ҳам назоратга олинади. Ҳар бир қадами синчковлик билан кузатилган. Оқибатда 1915 йилда газета бутундай тўхтатилади. Камига унинг ўзи Андижонга сургун қилинган.

Ясная поляна, 1909 йил 5 июнь. Убайдулла Асадуллаевич, Сиз мендан сўрабсизки, агар бир кимсанинг кўп одамларга ёвузлик қилиш нияти маълум бўлса, у тақдирда қараршилик кўрсатмаслик ҳақидаги таълимотни тан олган киши нима қилиши керак? Кўпчилик ҳалокатининг олдини олиш учун ўша бир кишига нисбатан зўрлик қўллаш маъқул эмасми?..
Лев Толстойнинг
Убайдулла Хўжаевга йўллаган жавоб хатидан.

Убайдулла Хўжаевнинг бошқа хизматлари ҳам кўп. Булар олимларимиз томонидан озми-кўпми ўрганилган. Шу боис биз бошқа бир воқеа хусусида сўз юритмоқчимиз.
Бундан 20 йилларча муқаддам марҳум тарихчи Ҳамдам Содиқов архив материллари асосида мазкур воқеани ҳикоя қилиб берганди.
Иши маҳкамага оширилган Убайдулла Хўжаев адвокат олмасдан, ўзини ўзи ҳимоя қилган. Россия қонунларини руслардан ҳам яхши билган бу инсон суд жараёнида инкор қилиб бўлмайдиган далил ва асосларни келтирадики, иложсизликдан танг қолган судялар оқлов ҳукми чиқарадилар. Бу афсонавий воқеа бўлиши билан бир қаторда, унинг босқинчилар устидан қозонган юксак маънавий ғалабаси эди, десак асло муболаға бўлмайди.
Аслида, ушбу ғалаба замирида катта билим ётгани ойдин ҳақиқат. Зеро, у мудом билимга интилган. Буни унинг: “Тавба, кимки “афанди”, “каминаи камтариннинг фикрига кўра”, “имоним йўл қўймайди” деган сўзларни ёдлаб олган бўлса, жадид бўлаверадими?! Аммо жадид бўлиш учун, аввало, ўқиш-ўрганиш, билим хазинасини бойитиш лозим”, деган фикри ҳам тасдиқлайди.

1938 йил январи эди, ярим тунда НКВД ходимлари уйимизга бостириб келди. Тоғам чуқур уйқуда эдилар, онам бечора унинг тепасига бориб: “Ака, туринг, сизга келишибди”, деб уйғотади. Тоғам чақирилмаган “меҳмонлар” кимлар ва нима ниятда келганини ҳам суриштирмай кийина бошлабди ва азбаройи шошганидан ҳассасини унутиб, уларнинг олдига тушади. Онамиз чўчимасин деб бизни уйғотмаган. Эрталаб уйғонганимизда, тоғамизнинг ўрни йиғиштирилмаган ҳолда бўм-бўш ётарди...
Ҳибзиддин Муҳаммадхонов,
Убайдулла Хўжаевнинг жияни, журналист.

Табиийки, қалби уйғоқ бундай зотларни босқинчининг кечирмаслиги бор гап. Ва шундай бўлди, қизил аждар уни ўз домига тортди. У 1939 йилда Коми АССРдаги азобгоҳларнинг бирида дунёдан кўз юмган.
Ана шундай жасоратли юрт ўғлонлари билан боғлиқ очилмаган сирлар, ҳамон архивларда қолиб кетаётган маълумотлар жудаям кўп. Бу маълумотлар ўз тадқиқотчиларидан, сизу биздан мадад кутмоқда.
Тарихнинг аччиқ ҳақиқати барчамизга сабоқ бўлмоғи даркор!

Похожие видео

Добавлено: 55 год.
Добавил:
  © 2019-2021
  Адвокатнинг афсонавий қарори - RusLar.Me