#xs_uz #narodnoeslovo
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғидан бошлаган сафаримизни давом эттирамиз. Мақсад Сангардак қишлоғидан Қашқадарёга олиб чиқадиган қадимий қисқа йўлдан юриш, унинг табиатини ва йўлдаги тарихий ёдгорликларни тасвирга олишдир.
Йўлимиз давомида учраган баъзи бир қоялар шунчалик баланд ва қирралики, уларга чиқсангиз ўзингизни худди энг юқори чўққининг устида тургандек ҳис қиласиз. Бу жойларда суратга тушаётганда чиройли жой танлаш ёки суратга олиш учун катта маҳорат ҳам керак эмас. Қайси жойда турсангиз ҳам ортингизда ажойиб манзара бўлади, исталган расм чиройли чиқади.
Аслида Ҳаркушт овғасигача бўлган йўлни бир кунда босиб ўтиш мумкин. Лекин тоғ манзараси бизни сира олдинга жилдирмасди...
Олдинга юрганимиз сари атроф гўзаллашиб бормоқда, бироқ, мафтункор тоғлар шу ерда ўзининг характерини кўрсата бошлади. Яъни табиат чиройи билан бирга қийинчиликлар ҳам ортмоқда. Бу ёғига энди сабр ва матонатимиз синовдан ўтишини ҳис қила бошладик. Фақатгина бирдамлик, йўлбошчимизга қулоқ солиб, тажрибали ҳамроҳларимизга эргашиш бизни бу йўллардан турли хил нохуш воқеаларсиз олиб ўтиши мумкин.
Тўғри, унчалик узоқ йўл юрмадик, лекин борган сари юқорига чиқиш, тошли йўллар бизни аста-секин чарчата бошлади. Шу ҳудуддан гуруҳимиз иккига бўлинди. Жисмонан кучли, тажрибали ва уловдаги шерикларимиз бироз олдинлаб кетишди. Машаққатли йўл толиқтирган дўстларимиз эса сезилар-сезилмас ортда қола бошлади.
Ҳозир Дешканнинг дўнглигига чиқяпмиз. Шу ерда тасвирчиларимизга бироз қийин бўлди. Тепаликка тасвирга олувчи воситалар билан чиқиш уларни анча толиқтирди. Биргалашиб бу ердан ҳам ўтиб олдик. Ва ниҳоят пешин вақти Ҳаркушт боғига келдик. Боғни 80-90 йил аввал Боғча қишлоғилик Вали бобо бунёд қилган экан. Ҳозир уларнинг авлодлари боғда деҳқончилик қилишади. Бу ерда асосан олма экилади. Шунингдек, наъматак ҳам бор.
Мана бу кўриб турганингиз арчадан қилинган уйни ҳам Вали бобо қурган. Табиатнинг бир қисмидек кўринаётган ушбу уй барчамизни қизиқтирди. Шу ерда тушлик қилиб олиш учун тўхтадик. Кўринишидан жуда оддий, шифти ҳам баланд эмас, ерга қўй-эчки териси тўшалган, кичкинагина уй, лекин қандайдир файзи бор. Тушликдан сўнг 2 соат дам олиб, кейин йўлга чиқишга келишдик ва ушбу арча уйда бироз мизғиб олиш учун ётдик.
Арчали уйда унинг ширин ҳидидан нафас олиб мириқиб дам олибмиз. Ҳозир кўриб турганингиздек қуёш чарақлаб турибди. Лекин бу об-ҳавога ишониб бўлмайди. Бирдан қаердандир булут келиб ёмғир ёғиш эҳтимоли бор. Масалан, мана бу дарёнинг нариги Ҳаркушт томонига ёмғир ёғса, Даҳна томонида қуёш чарақлаб туради. Табиати шунақа инжиқ. Сентябрь ойларидан бошлаб бу ерда деярли ҳар соатда ёмғир ёғади. Эрталаб шудринг ҳам қалин тушади. Шунинг учун экинлардан ҳосил олингунга қадар улар кўпи билан икки марта суғорилади.
Ҳаркушт боғининг Қизилсой дараси томонида кўриниб турган арчазорларда ёввойи тўнғизлар тўдаси кўп бўлади. Бу ерда айиқнинг икки тури — қўнғир ва бўйноқ айиқлар яшайди. Улар асосан мева ҳамда ўтлар билан озиқланади, лекин баъзида бўйноқ айиқ ҳайвонларни ҳам овлаб туради. Кам ҳолларда чўпонларнинг қўрасига ҳужум қилади. Агар одам айиқни яраламаса ёки болаларига хавф солмаса у деярли инсонга ташланмайди. Лекин маҳаллий аҳолини меҳнат анча чиниқтирган, чайир йигитлар айиқлардан асло қўрқмайди.
Режа бўйича Даҳна томонга юришимиз керак. Кейин Кўтарма деган жойга чиқамиз. Биз ҳали ўтган Боғча қишлоғи ва унинг атрофидаги ҳудудларда аввал деҳқончилик қилинмаган. Шу вақтларда маҳаллий аҳоли мана бу тоғдаги сойнинг ичига тош қалаб баланд қилиб кўтариб, унинг устидан сувни очиқ ерларга ҳайдаган. Олиб келинган сув билан ҳўкиз орқали омочланган Даҳна ерларида буғдой, картошка сингари деҳқончилик маҳсулотлари етиштиришган. Кейинчалик пастки ҳудудлар ўзлаштирилгач, бу тош ариқлардан фойдаланилмай қўйилган.
Ушбу ҳудудда меҳнат мавсуми март ойининг охирларидан бошланади. Ҳозир Ҳаркушт боғида иш энг қизғин паллада — айни дамда чорва молларига қиш учун ем-хашак тўпланяпти. Ҳадемай меваларнинг пишиш мавсуми ҳам бошланади. Ҳудудда аксарият мевалар бошқа жойларга қараганда кеч пишади. Шунингдек, намгарчилик кучли бўлганлиги учун гилос пишишга улгурмай тўкилиб кетади.
Бу ерда қиш мавсуми 4 ойдан 5 ойгача давом этади. Қор кўчкисини маҳаллий аҳоли тарма дер экан ва қишда тармалар ҳам тез-тез бўлиб тураркан. Ушбу мафтункор ўлканинг табиати айниқса, баҳор ойларида жуда гўзал бўлади. Шунинг учун ҳам саёҳат даври май ойининг охиридан бошланиб август ойининг ўрталаригача давом этади.