Бугун Орол денгизининг қуриган ўрнида қумни ишлаб қолиш мақсадида саксовул каби чўлга мослашган бутасимон дарахтлар экилмоқда. Соҳа олимларининг маълумотларига кўра, Оролбўйи ҳудудларида барпо этилган 2 ёшли саксовулзорда шамол таъсирида қум кўчиши 20 фоиз, 5 ёшли саксовулзорда 80 фоиз, 7 ёшли саксовулзорда эса тўлиқ тўхтатилади. Натижада Оролбўйи минтақасида иқлим мўътадиллашиб, шамол таъсирида заҳарли қум, туз ва чангнинг ҳавога кўтарилиши камайтирилади, эрозиянинг олди олиниб, қум кўчиши босқичма-босқич тўхтатилади.
Бундан ташқари Оролбўйи минтақаси, аҳоли яшаш ҳудудлари, халқ хўжалиги объектлари, қишлоқ хўжалиги экинлари, боғ ва токзорлар ҳамда чўл ҳудудларидаги саксовулзор ва яйловзорларини табиатнинг бошқа салбий таъсирларидан ҳимоя қилиб, биологик хилма-хиллик кўпайиши учун қулай шароит яратади ва маҳсулдорликни оширади. Кейинчалик эса босқичма-босқич саксовулларнинг орасига ёввойи ҳайвонлар ва чорва учун озуқабоп экинлар ҳамда дарахтлар ҳам экиш мумкин. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, 1 гектар ердаги япроқли дарахтлар бир йилда 5 тонна карбонат ангидрид газини ютади, 100 тоннагача чангни тутиб қолади. Шу боис микроиқлим шароити яхши бўлган далаларда ўсимликлар ривожланади, ҳосилдорлик бирмунча ошади. Дарахтзорлар илдизлари билан ерга сизиб кирган сувларни тутиб қолади ва чуқур қатламлардан насос сингари сўриб олади. Шу тариқа зах сувлар кўтарилишининг, тупроқ шўрланиши ҳамда ботқоқланишнинг олди олинади. Бу бизнинг шароитимизда жуда муҳим.