Бухоро амирининг бир ҳафталик фармони

Просмотров: 1, 763   |   Загружено: 6 мес.
icon
Xalq so'zi Online
icon
26
icon
Скачать
iconПодробнее о видео
#xs_uz #narodnoeslovo
Бухоро амири Саид Олимхон 1917 йил 7 апрелда мамлакатда ислоҳотлар ўтказишга йўналтирилган фармонини имзолайди. Аммо бу фармон негадир роппа-роса бир ҳафтадан кейин, яъни 14 апрелда амирнинг ўзи томонидан бекор қилинади...

Охирги Бухоро амири Саид Олимхон ҳамда ўша пайтда фаолият олиб борган ислоҳотчи боболаримиз ҳақида сўз кетганда, амирни қора бўёқларда, ислоҳчиларни эса оппоқ рангларда тасвирлашга одатланиб қолганмиз. Аммо донишманд тарих бундай қарашни, бундай ёндашувни рад этади. Тарих ҳеч нимани яширмас, борини борича сўзлайди. Амир Олимхоннинг бир ҳафталик фармони мисолида бунга яна бир бор иқрор бўласан, киши.

Маълумотлар таҳлил қилинса, Амир Олимхон совет даврида талқин қилинганидек маишатпараст, қўрқоқ, худбин эмас, балки қайсидир маънода халқ ҳолига бефарқ бўлмаган ҳукмдор сифатида гавдаланади. Албатта, бу ўринда амирни камчиликдан ҳоли шахс сифатида тасвирлашдан йироқмиз. Амир Олимхон қаҳрамон эмас эди, аммо бу шахсни хоин деб ҳам бўлмайди.
Маҳмуд Ҳамраевнинг
“Амир Олимхон шахсиятига назар” мақоласидан.

Тарихчиларнинг ёзишича, 1917 йил 7 апрелда Амир Олимхон давлатда ислоҳот ўтказиш тўғрисида фармонни имзолаган. Бу ҳужжат саройда 200 га яқин амалдор ва диний уламоларга ўқиб эшиттирилади. Бу дин пешволари томонидан шариат қонунларининг бузилиши сифатида талқин қилинишига қарамасдан фармон қабул қилинади.
Шу тариқа ҳаммаси яхши кетаётган эди. Кутилмаганда бирдан вазият ўзгариб кетди...
Шу ўринда мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти хусусида тўхтаб ўтиш зарур.
Фармондан амирликда солиқ ишини тартибга солиш, саноат ва савдони ривожлантириш, амалдорларни назорат остига олиш ва уларга аниқ миқдорда маош тайинлаш, ночор одамларга ғамхўрлик қилиш учун махсус комиссия тузиш, босма матбуотга эрк бериш, зиндондаги эркин фикрли инсонларнинг барчасини озод қилиш, маъориф ва фан-техникани ривожлантириш, дунёвий фанларни ўқитиш билан боғлиқ бандлар ўрин эгаллаган.
Жудаям ажойиб фармон, дейсиз. Аммо нимагадир ана шу фармон роппа-роса бир ҳафтадан кейин шахсан амирнинг ўзи томонидан бекор қилинди экан. Бунда хурфотчи диндорлар, маишатпараст беклар таъсири катта бўлган. Камига, “Ёш бухороликлар” ҳам фармоннинг бекор қилинишига кўмаклашиб юборади. Яъни улар ҳужжатда барча талабимиз ўз ифодасини топмабди-ку, деб норозилик билдиради. Кейин амирнинг эсини киритиб қўйиш мақсадида одамларни тўплаб кўчаларга чиқишади.
Воқеалар давоми эса маълум. Икки ўртада қаттиқ тўнашув бўлади ҳамда исёнчилар тарқатиб юборилади ва бошлиқлари зиндонларга ташланади.
Минг афсуски, бир ҳафталик фармон воқеаси шу билан якун топмади. Амирдан ғазабланган ва унинг тақибидан омон қолган бир нечта истиқлолчи Бухоро заминида бўлаётган воқеаларни сергакли билан кузатиб турган Россияга кўмак сўраб боради. Бу босқинчининг айни дилидаги гап эди. Улар зудлик билан ҳаракатни бошлайди. Бундай қулай вазиятни қўлдан чиқариб бўлармиди, ахир! Йўқ, албатта!

1917 йил февраль инқилобидан сўнг большевиклар ёмон ниятда бўлган илк қадамларини тарғибот ва ташвиқот йўллари билан бошлаб юбордилар. Ичкаридаги мажаропараст унсурлар билан ҳангома талаб унсурлар бир-бири билан тил бириктириб, большевиклар билан ҳамкорлик қилди. Улар ҳукумат учун кўп қийпнчиликлар туғдирди. 1920 йил 5 сентябрда Бухоройи шариф большевик аскарлари қўлига тушди.
Саид Олимхоннинг
“Бухоро халқининг ҳасрати тарихи” китобидан.

Гапнинг очиғини, амирнинг мазкур фармони бир ҳафталик эмас, балки асрларга татийдиган бўлиб чиқди. Негаки, ушбу фармондан кейин бошланган ўзаро низолар сабабли Бухоро амирлиги шонсиз қулади ва қизиллар оёқлари остида топталди.

Қамал вақтида 3000 га яқин ҳовли, 3000 дан ортиқ дўкон, 20 та сарой, 29 масжид, 34 гумбаз ёниб хароб бўлган. Шаҳар қарийб 20 кун олов каби ёниб турган. Бухоронинг шу даражада хароб бўлганини ҳеч бир тарих кўрмаган эди. Бухороликлар бу кунларни “кичик қиёмат” деб айтишди.
Муҳаммад Али Балжувонийнинг
“Тарихи нафоэ” асаридан.

Бек ва амалдорлар, ҳурофот ботқоғига ботган диндорлар амиримизнинг мазкур фармони бежиз чиқарилмаган бўлса керак, деб мулоҳаза юритишлари керакмасмиди?
Амир ўзини ҳукдордек тутиб, айтганини ўтказиши, ҳозирги ибора билан айтганда, қатъий сиёсий иродасини кўрсатиши керакмасмиди?..
Хўп, майли, амирни, бек ва уламоларни, баъзи тарихчилар айтганидек, замондан орқада қолган, ҳеч балонинг фахмигаям бормайдиган кимсалар эди, дейлик. Аммо ўзларини ислоҳотчи, деб атаган истиқлолчиларимизни нима жин урдими. Секин-секин эгилиб келаётган амир билан муроса қилса бўлар эди-ку. Буям етмагандек, ўз уйингда бўлиб турган низони ҳал этиш учун йиқилишингни кутиб турган босқинчи эшигига бош уриб бориш шартмиди?..
Тарихнинг аччиқ ҳақиқати барчамизга сабоқ бўлмоғи даркор!

Похожие видео

Добавлено: 55 год.
Добавил:
  © 2019-2021
  Бухоро амирининг бир ҳафталик фармони - RusLar.Me