Буюк ипак йўли бўйлаб

Просмотров: 132   |   Загружено: 2 год.
icon
Xalq so'zi Online
icon
12
icon
Скачать
iconПодробнее о видео
#xs_uz #narodnoeslovo
Мамлакатлар, шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий алоқалари ҳамда тараққиётида йўллар муҳим ўрин тутади. Шу боис ҳам “Ona tabiat” лойиҳасининг навбатдаги лавҳаларида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғидан Қашқадарёга олиб чиқадиган қадимий қисқа йўл, унинг табиати ва йўлдаги тарихий ёдгорликлар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Сариосиё тумани Ҳисор тоғ тизмаси этагида жойлашган. Бу тоғлардан Сурхондарё, Тўполангдарё, Обизаранг ва бошқа дарёлар ирмоқ олади.
Дастлабки манзилимиз бўлган Сангардак қишлоғидамиз. Ушбу ҳудуднинг ҳавоси тоғ минтақасига хос жудаям ёқимли салқин, бу ердаги маҳаллий аҳолининг хонадонларида қолган меҳмонлар айниқса ёз ойларида уйнинг ҳовлисидаги сўриларда овқатланиши, дам олиши учун шароит яратилган. Ёнгинангиздан эса Сангардак дарёсининг сершовқин овози эшитилиб туради.
Энг тотли тоғ олмаси айнан шу манзилда бўлади. Узоқ муддат сақлаш мумкинлиги учун ҳам Сангардак олмаси келгуси ёзгача Самарқанд, Қарши, Навоий, Қўқон, Тошкент ва Бухоро бозорларида сотилади.
Ниҳоят ўша машҳур Сангардак шаршарасига ҳам етиб келдик. Денгиз сатҳидан икки минг метр баландликда жойлашган табиатнинг ушбу ноёб мўъжизаси Ўзбекистоннинг энг баланд шаршараларидан биридир. Унинг баландлиги 120 метр атрофида бўлса, ёйсимон шаклдаги эни эса 80 метрча келади. Сув сероб бўладиган айни баҳор ойларида 150 метргача ҳам етиши мумкин. Тошдан-тошга урилиб, камалак мисоли товланиб, сачраётган зилол суви баҳри дилингизни очади. Ўзига хос овози асабни тинчлантириб, юракка қувват беради. Унинг суви совуқ бўлса-да, меъёрида ҳўплаб-ҳўплаб ичилса вужудингизни тетиклаштиради. Шаршара май ойи ўрталаридан то сентябрь ойи ўрталаригача маҳаллий ва хорижий сайёҳлар билан гавжум бўларкан. Сайёҳларга қулайлик яратиш учун шаршарага олиб чиқадиган сўқмоқда зинапоялар ва ҳар 10-15 метр баландликда кенг айвонлар барпо этилган.
Қизиғи, шаршара жойлашган тоғ чўққилари устида умуман музликлар йўқ. Маълумотларга қараганда, Сангардак шаршарасини ҳосил қилувчи булоқнинг манбаи қоялар ичидаги кўлда жойлашган экан. Шу сабабли ҳам халқ орасида у ҳақида қадимдан турли афсона ва эртаклар тўқилган.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, қишда шаршаранинг суви музлаб, улкан сумалакни ҳосил қилар, ундан осилиб тушган бежирим, ақл бовар қилмас томчилар эса гўёки баҳайбат биллур шодаларини ёдга соларкан. Айниқса, унинг қуёш нурида жилоланиши кишига сўнмас илҳом ва такрорланмас сурур бахш этаркан.
Ушбу “Тоғ дунёси мўъжизаси”нинг тўрт томонини қалин ўрмонзорлар, осмонўпар қоялар ўраб олган. Бу ерда тури камайиб бораётган дарахтлар, шунингдек, фарк, заранг, писта, зирк, мурут каби мевали дарахтлар, туғдона, самбит тол ва оддий тол, тоғ тераги ҳамда татум сингари ёғочбоп дарахтларнинг парваришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дарё бўйларида эса анжир, узум, тамариска, арча ва бошқа дарахтлар ўсади.
Шаршара атрофидаги тоғ ва сойларда доривор ўтларнинг 266 тури мавжуд. Улардан саломатликни мустаҳкамлашнинг турли усулларида фойдаланилади. Умуман табиатнинг ўзи моҳир табиб, унда ҳар қандай дардга даъво бор. Фақатгина табиат неъматларини авайлаб-асраб, тўғри фойдалансангиз бас, жамики дардингизни олади. Ҳаттоки, унга маҳлиё бўлиб оддийгина термилиш ҳам руҳиятингизни соғломлаштиради.
Шаршаранинг ўнг томонида, ундан 200 метр баландликда бир йилда бир марта, фақат жавзо ойида тоғ бағридан сув оқа бошлайди. Бу ой тугаши билан сув ҳам оқишдан тўхтайди. Олимлар бу ҳолатнинг сирини ҳалигача била олишмаган. Булоқни маҳаллий аҳоли “Жавзо суви” деб ҳам атайди. Ваҳолонки, Сангардак тоғларида сангардак булоғи, қора булоқ, сирсой булоқ, ширин булоқ каби яна кўплаб булоқлар мавжуд бўлиб, улардан йил бўйи сув оқади. Ушбу булоқлар суви тоғ ёнбағирларидаги турли гиёҳ илдизларини ювиб чиқади ва у шунинг учун ҳам инсон организми учун жуда фойдали.
Шунингдек, Сангардак тоғ қояларини минглаб ёввойи каптарлар уя қилган. Эрта тонгда какликларнинг овози ён-атрофни тутса, тоғ булбули навосидан ҳузурланасиз. Какку овози ҳар тарафдан қулоққа чалинади. Тоғ қорақуши, тоғтешар, зағча ва қарға, тоғ чумчуқ, кўкқарға ва куркурак қуш, лочин, бургут, укки, тоғ бойқушлари ушбу масканнинг маҳаллий қушлари ҳисобланади.
Сангардак шаршараси яқинида деярли текисликлар йўқ. Майдони оз бўлган текис жойлар бўз тупроқдан иборат. Ушбу ҳудуд теварагида Кенггузар, Нилу, Хўжаи Ҳубон, Чанглоқ, Боғча каби қишлоқлар бўлиб, аҳолиси асосан чорвачилик ва боғдорчилик билан шуғулланади. Қадимдан бу ҳудудларда чорва молларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бир қанча ирмоқлардан куч олиб, сўнгра қудратли дарёга айланган Сангардак сувлари вилоятнинг Денов, Сариосиё ва Узун туманлари ерларига ҳаёт бағишлайди.
Сангардак шаршараси ва унинг атрофидаги ҳудудларда ажиб бир сокинлик ҳукмрон, бир вақтнинг ўзида ўнлаб сайроқи қушлар гўё ўзаро мусобақалашаётгандек бирваракайига сайрайди. Назаримизда уларнинг ичида булбулнинг овози барибир бошқалариникидан ажралиб турибди.

Похожие видео

Добавлено: 55 год.
Добавил:
  © 2019-2021
  Буюк ипак йўли бўйлаб - RusLar.Me