#xs_uz #narodnoeslovo
Она Ватан тақдири хавф остида қолган ҳал қилувчи паллада ўзаро низолар, катта-кичик манфаатларни бир четга суриб қўйиб, бир мушт каби бирлаша олган халқлар, албатта, ғалабага эришган. Бунга кўҳна тарих шоҳид. Бунинг аксича шу каби ҳал қилувчи кезларда бирлаша олмаган халқларнинг мағлубиятга учраб, энг камида истибдодга тушиб қолганликлари ҳам бор гап.
Жалолиддин Мангубердининг Парвонда мўғилларга қарши олиб борган шиддатли жанги, ғалабадан кейин рўй берган оқ тулпор воқеаси бундан ёрқин мисол бўла олади.
Жалолиддин Ғазнага етиб келгандан кейин Хоразмшоҳнинг тарқалиб кетган қўшини унинг атрофида тўплана бошлайди. Сайфиддин Ўғроқ ал-Халажий, Балх ҳокими Аъзам Малик, афғон қабилалари сардори Музаффар Малик ва қарлуқлар раҳбари ал-Ҳасан ўз қўшинлари билан етиб келади. Натижада енгилмас деб ҳисобланган мўғул лашкарига қарши туришга қодир катта қўшин жам бўлади. Ана шу қўшин билан Жалолиддин Волиён қалъаси атрофидаги мўғулларнинг қўшинини мағлуб этади.
Табиийки, бундан ғазабланган Чингизхон ўзининг ишонган лашкарбошиси Қайқур нўён, яъни Шики Хутуху бошчилигидаги 30 минг кишилик қўшинини жўнатади.
Машҳур Парвон жанги ана шу иккита қўшин ўртасида 1221 йилнинг ёзида бўлиб ўтади. Қақшатқич сўғиш эди, ўзиям. Мўғуллар ҳар қанча тиришмасин Жалолиддин матонати ва собитқадамлиги ўз сўзини айтди. Мўғиллар енгилди, Жалол ютди. Агар ҳалиги оқ тулпор воқеаси бўлмагинада эди, бу ғалаба чиндан ҳам нафақат Жалолиддин, балки бутун Хоразмшоҳларнинг тарихини безайдиган воқеа бўлиб қолган бўлар эди. Негаки, бундан кейин ҳам бунча нурли ғалаба бўлган эмас.
Ғолиблар қўлига катта миқдорда ўлжа тушади. Уни тақсимлаш чоғида, агар таъбир жоиз бўлса, Хоразмшоҳлар тарихини ўзга ўзанга буриб юборган ва Жалолиддинни қийин аҳволга солиб қўйган воқеа, оқ тулпор воқеаси майдонга чиқиб келади.
Ўлжалар орасида кўрган кўзни қувонтирадиган даражадаги оппоқ арғумоқ ҳам бўлиб, у кўпларнинг дилларини қитиқлайди. Камига унинг ўйноқлаб туриши қалблардаги оловни бадтар алангалатади.
Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавийнинг ёзишича, Хоразмшоҳнинг улуғ амирларидан Сайфиддин Ўғроқ ҳамда Ҳазора малиги Амин Малик ана шу оқ тулпор талашиб жанжаллашиб кетади. Қони қайнаган Амин Малик тортишув вақтида Ўғроқнинг бошига қамчи билан туширади. Султон Жалолиддин юзага келган бу низони бартараф қилолмайди. Ранжиган Сайфиддин Ўғроқ Султон менинг ёнимни олмади, деб 30 минг аскари билан кетиб қолади. Қабали туркам ва халаж сипоҳлари ҳам султондан юз ўгиради. Натижада Жалолиддин қўшини кучсизланиб қолади.
Воқеалар давоми маълум. Синд дарёси бўйидаги жангда Жалолиддин ҳар қанча мардонавор олишмасин, узил-кесил тор-мор бўлади. Агар ҳали ўзбошимча беклар кетиб қолмагинида бу шармандаликлар бўлмас эди, дея афсус чекасан, лекин начора...
Эҳ, оқ тулпор, агар сен мунча мафтункор, дилларни ўртагувчи бўлмасанг эди, беклар сени деб талашмаган, Султондан юз ўгириб кетмаган бўлармиди...
Эҳ, оқ тулпор, Жалолни қийин вазиятга солиб қўйдинг-ку, тарихни ўзга ўзанга буриб юбординг-ку...
Оқ тулпор, бунда сенинг гуноҳинг йўқ. Агар беклар бебош бўлмаганида эди, она Ватан тақдири қил устида турган ҳал қилувчи паллада Жалолни ташлаб кетмаган бўлишарди.
Иттифоқсизлик, манфаатпарастлик, худпарастлик, очкўзлик, агар битта сўз билан ифодалайдиган бўлсак, яна ўша жоҳиллик ғолиб келди. Устимиздан қаҳ-қаҳ отиб кулди.
Тарихнинг аччиқ ҳақиқати барчамизга сабоқ бўлмоғи даркор!
Фикрлар
Мана шундай ўғилларга эга бўлган ота нақадар бахтлидир! У сув ва олов каби икки бало-қазо гирдобидан ўзини қутқариб, соҳилга чиқди. У ҳали бизнинг бошимизга жуда катта балоларни солади. Унинг қаршисида ақлли одам қандай қилиб ғофил қола олади?
Чингизхоннинг ўғилларига айтган гапидан.
Баҳодирлик отини жанг майдонига солиб, кофирларнинг кўпини ҳалокат тупроғига қорди ва ҳеч бир кулфатсиз жанг қилдики, агар Рустами достон тирик бўлганда, унга бўлган муҳаббат ёпиғини унинг елкасига солган бўларди.
Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”
асаридан.
Жалолиддин шерлар орасида энг зўр шер эди, қўрқмас чавондоз, лашкарлар орасида энг ботири эди. У хақгўйликни, адолатни улуғларди.
Шиҳобиддин Муҳаммад Ан-Насавийнинг
“Сират ас-султон Жалолиддин Манкбурни” асаридан.