#xs_uz #narodnoeslovo
Нимагадир туркий халқларда бўлиниш, яъни парчаланиш ва натижада янги халқларнинг пайдо бўлиши ҳодисаси кўп кузатилади. Буни ўзбеклар ва қозоқларнинг XV асарда ҳам ягона халқ бўлганлиги ва кейин бўлиниб, икки халқни ташкил этгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Афсуски, эт ва тирноқ бўлган бу икки халқ ўша даврда кузатилган сиёсий беқарорлик боис иккига бўлиниб кетди. Кейинроқ уларнинг бир-биридан янада узоқлашувига ташқи душманлар ҳам катта улуш қўшгани айни ҳақиқат.
Тарихнинг шоҳидлик беришича, ўзбеклар Олтин Ўрдадан ажраб чиққач, Тобол ва Ишим дарёлари бўйларига келиб жойлашади. Бу ерда шаҳар, қалъа ва қишлоқлар қурадилар, биринчи бошкенти эса Тўра шаҳри бўлган.
Боймирза Ҳайитнинг “Туркистон Россия ва Хитой оралиғида” асарида шу воқелар давоми ҳақида шундай ҳикоя қилинади: “Ўзбеклар Абулхайрхон бошчилигида 1428-1429 йилларда Жанубий Сибрдаги Тўра шаҳрини забт этдилар ва 1446 йилга қадар бу шаҳарни ўзбекларга бошкент қилдилар. Абулхайрхон 1446 йилда ҳукумат марказини Сирдарё бўйидаги Сиғноқ шаҳрига кўчирди. Бу шаҳар 1468 йилгача ўзбекларнинг бошкенти бўлиб қолди. Абулхайрхон бошчилигида ўзбекларнинг қудрати қалмоқларга, яъни жунғорларга қарши 1446 йилда бўлган Сиғноқ жангидаги мағлубиятдан сўнг заифлаша бошлади”.
Тарихий эврилишлар, яъни улкан бўлиниш ана шу мағлубиятдан кейин бошланади. Жиддий мағлубиятдан ҳалиям ўзига келиб олмаган Абулхайрхон бошқарув тизгинини қўлдан чиқаради. Натижада унга хайрихоҳ бўлмаган бир тоифа ўз жамоасини, яъни ўзбекларни тарк этишади. Қизиғи шундаки, ўзбеклардан ажралиб чиққан бу тоифа бора-бора қозоқлар деб номаланади. Шу тариқа бир ўзандан чиққан иккита ирмоқ ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатда давом этаверди.
Бу тарихий ҳақиқатни эътироф этган адолатгўй олимлар яқин ўтмишда кам эмасди. Масалан, таниқли рус олими Бартольд “Қозоқ халқи ўн бешинчи юз йилликда ўзбекларнинг бир қисмини ташкил қиларди”, деб ёзади. Бошқа бир рус олими Ивановнинг фикрича: “Ўзбеклар билан қозоқлар ўртасида XVI асрда на этнографик ва на бошқа жиҳатдан фарқ йўқ эди”. Чулошникова ҳам шу фикрга яқин гапни айтар экан, қозоқлар ва ўзбеклар бир элат эди, дея ёзиб қолдирган.
Таниқли қозоқ давлат арбоби ва олими Санжар Асфандиёров ўзбеклар 90 уруғдан ташкил топганини ва улар орасида қозоқ уруғлари ҳам борлигини маълум қилади.
Кўриниб турибдики, ўзбеклар ва қозоқлар бундан беш аср илгари ягона халқ бўлган ва сиёсий эврилишлар даврида иккига бўлиниб кетган.
Балки шу топда кимнингдир кўнглидан тарихий жараён туфайли иккига бўлинган ушбу ягона халқ кейинчалик бир-бирига интилмади, деган савол ўтаётган бўлса ажаб эмас.
Наҳотки, тарихнинг бир хатоси туфайли иккига ажралган халқларимиз ҳеч бўлмаса кейинчалик яна бирлашиб, ягона муштга айланиш ҳақида ўйлаб кўрмаган бўлса. Ёки улар бундай бўлиниш, таъбир жоиз бўлса, парчаланиш ҳар иккила тараф учун бирдек хатарли эканлигини билмасмиди...
Албатта, билишарди. Шу боис халқларимиз орасидан етишиб чиққан зиёлилар, айниқса, охирги асрларда орадаги туманларни тарқатиш учун кўп саъй-ҳаракат қилишди. Аммо улар мақсадига етиша олмаганлиги тарихдан маълум. Чунки дастлабки пайтларда жунғор ва хитойлар, кейинги асрларда эса чор ҳийлакорлари илдизи бир бўлган халқларимизни бирлаштирмаслик учун не бир фитна-ю найрангларни ўйлаб топмади, дейсиз.
Бугун ҳам шу разолат давом этмоқда, фитна-ю ҳийлалар ҳамон тирик. Аммо шунга қарамасдан, бугун нафақат тарих ҳақиқатларини англаб етаётган ўзбек ва қозоқлар, балки Марказий Осиёдаги барча халқлар ва давлатларнинг бир-бирига қараб талпинаётгани қувонарли, албатта. Бироқ бу йўлда тўсиқ ва машаққатлар дуч келишини бир зумга бўлсин хаёлимиздан фаромуш қилиб бўлмайди.
Қозоқ бовурларимиз орасида ҳозирга қадар машҳур бўлган “Элим оҳ” туркуси шу воқеаларни ҳам қайсидир маънода ифодалагандек, назаримизда. Унда, жумладан, шундай мисралар бор:
Қара таудин басинан қўс келеди,
Қўсқан сайин эр тайлақ бўс келеди,
Қариндастан айрилған жаман экен,
Қара кўзден мўлдиреп жас келеди.
Тарихнинг аччиқ ҳақиқати барчамизга сабоқ бўлмоғи даркор!
Муаллиф ва бошлвчи:
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ.